Бугун тунда бир қатор чемпионатларда навбатдаги тур ўйинлари бошланади ва клублар футболи яна қайтади.
Россия премьер-лигасида 21-турнинг дастлабки учрашуви Самарадаги "Космос Арена" стадионида бўлиб ўтади. Унда Виталий Денисов ўйнаётган "Крилья Советов" клуби Туланинг "Арсенал" клубини қабул қилади. Мусобақа жадвалида деярли ёнма-ён бораётган жамоалар ўртасидаги баҳс қизиқарли кечиши аниқ. Мезбонлар ғолиб бўлишса, очколар бўйича "Арсенал"га етиб олишади.
Бугун Германия Бундеслигасида 27-тур бошланади. "Хоффенхайм" ўз мухлислари қаршисида Леверкузеннинг "Байер" клуби билан куч синашади. Айни пайтда "Байер" мусобақа жадвалида 42 очко билан 6-ўринда бормоқда. Юлиан Нагельсманн шогирдлари эса 38 очкога эга. Бундан кўриниб турибдики Андрей Крамарич жамоадошлари бугун ғалаба қозониб, "Байер"га етиб олиш учун ҳаракат қилишади. "Хоффенхайм" чемпионат доирасида ўз майдонидаги охирги учта ўйинда ютқазмади. "Байер" эса биринчи даврадаги шармандали мағлубият (1:4) аламини олиш учун курашади.
Италия А сериясида 29-турнинг дастлабки ўйини "Кьево" ва "Кальяри" ўртасида кечади. Энг сўнгги ўринда бораётган "Кьево" ортда қолган 28та тур давомида фақат бир марта ғалабага эришгани эътиборга молик. Ушбу клуб янги мавсумни B серияда бошлаши деярли аниқ. "Кальяри" эса хавфли зонага тушиб қолмасликка ҳаракат қилмоқда. Жамоани хавфли зонадан 6 очко ажратиб турибди.
Франция чемпионати 30-турининг очилиш ўйинида "Лион" сафарда "Ренн" меҳмони бўлади. ПСЖ деган клуб бор экан Францияда чемпионлик тақдири деярли ҳал бўлганини мухлислар жуда яхши билишади. Айни пайтда "Лион" "Лилль" билан кумуш медаллар учун кураш олиб бормоқда. "Ренн" эса янги мавсумда еврокубокларда иштирок этиш ҳуқуқини берувчи ўринларга интилмоқда. Қизиғи биринчи даврада "Лион" ўз уйида "Ренн"га 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйган эди.
Испания чемпионатида 29-турнинг илк учрашуви Каталонияда бўлиб ўтади. Унда "Жирона" Бильбаонинг "Атлетик" клубини қабул қилади. Ҳозирда бу икки клубни 3 очко ажратиб турибди. Бильбаоликлар 37 очко билан 9-ўринда боришмоқда, "Жирона" эса 34 очкога эга ва 12-поғонадан жой олган.
Манба:CHAMPIONATasia интернет-Портали