Кеча «Энфилд»да бўлиб ўтган учрашув кўплаб мухлисларда икки хил таассурот уйғотди. Кечаги учрашув ва унинг жавоб ўйини олдидан кимда имкон кўпроқ эканини чамалаб кўрамиз.
Учрашув ҳақида
Ўйин «Ливерпуль»нинг катта устунлигида ўтган бўлса-да, статистика бошқачароқ гапирмоқда. 90 дақиқа мобайнида икки жамоа дарвоза сари атиги 2 бор аниқ зарба йўллашди. Энг қизиғи шундаки, «Ливерпуль» сафида энг кўп зарбани марказий ҳимоячи Матип йўллади. Унинг 4 бор йўллаган зарбаларидан бирортаси аниқ чиқмади.
«Бавария» бу учрашувдан аввал бир неча ўйинлардан бери ҳимоядаги муаммоларни бартараф эта олмаганди. Кеча буни беркитиш учун ўйинни «ўлдиришга» уринди. Улар тўпни у қанотдан бунисига ўтказиб, рақибни прессинг қилишга ва вақтдан ютишга ҳаракат қилишди.
Левандовскининг кечаги учрашувда кўрсатган ўйини сўзимизга исбот бўла олади. У ҳужумга ўтганида иложи борича тўпни ушлаб туришга уринди. Деярли бир маротаба ҳам ўткир пас бермади.
Бу дурангдан кимга кўпроқ фойда?
«Бавария»
Клубнинг сўнгги ўйинларига назар ташласангиз, ҳимоядаги муаммолар яққол кўриниб қолади. Ковач жавоб баҳси олдидан ўз жамоасига гол уришни эмас, ўтказиб юбормасликни асосий вазифа қилиб қўйгани шундоқ кўриниб турди. Сабаби, нурсиз дуранг «Альянц Арена»да бўлиб ўтадиган баҳс олдидан улар учун идеал ҳисоб эди. Шу сабаб «Бавария» ўйин темпини кўтармади, иложи борича кичик эпизотлар орқали матчни «ўлдириш»га уринди ва бунинг уддасидан чиқди ҳам. Ҳатто, Хамес ҳужумга умуман ўтмади. Асосан, марказдаги тўп учун курашларда иштирок этиш билан чекланди. Улар учун бу учрашув кўнгилдагидек ўтди десак, адашмаган бўламиз.
«Ливерпуль»
Клубнинг асосий 3 марказий ҳимоячилари жароҳатлангани сабаб ушбу учрашувда Фабиньо марказий ҳимояда ўйнашга мажбур бўлди. Айнан шу сабаб қанот ҳимоясидаги Робертсон сўнгги 12 учрашувдаги энг кам ҳужумкор ҳаракатлар кўрсатган ўйинини ўтказди. Клопп бу учрашув олдидан «Фирминонинг формада эмас эканлиги ва Виржилнинг йўқлиги жамоа ўйинига таъсир ўтказмай қолмайди»,- деб тан олган эди. Амалда ҳам шундай бўлди. Қанот ҳимоячилари Матип ва Фабиньога ёрдам бериш учун ҳужумларга деярли қўшилишмади.
Жамоанинг асосий қуроли саналадиган қарши ҳужумлар кеча амалга ошмади. Сабаби, Робертсон ва Арнолд ҳимоядан деярли чиқмади. Ҳужумдаги учлик эса бир нималар қилишга уринишди. Майдон марказида тўпни олиб қўйган ярим ҳимоячи тўпни олдинга бир ўзи олиб бориб, ҳужумдаги учликка етказиб бердию, ўзи иложи борича ўз позициясига яқинроқ ўйнади. Кеча «Ливерпуль» ўйин давомида 3 ё 4 бор позицион ҳужум уюштирди, аммо бу ҳужумлар шу қадар эхтиёткор эдики, хатто хавфли вазият билан ҳам тугамади. Клопп Фирминони захирага олиб ҳужумдаги урғуни иккинчи қаватга кўчирди. Ориги эса топ савиядаги ҳужумчилар сингари яримта имкониятдан фойдалана олмаслигини кеча шундоқ кўрсатиб қўйди.
Жавоб ўйини олдидан кимда имконият кўпроқ?
Нико Ковач ва Клопп илк учрашувдаги ҳисобдан тўлиқ қониққан бўлса, ажаб эмас. Ковач жавоб учрашуви Мюнхенда бўлишини ҳисобга олиб бор имкониятларини уйда кўрсатишга уриниб кўрса, Клопп жавоб учрашувини тўлиқ таркибда ўтказади. «Бавария» ўз уйида жуда хавфли бўлсада «Альянц Арена»да ҳужумга ўтишга мажбур бўлади. Бу эса Клопп шогирдлари учун қарши ҳужумда ўйнаш имконини беради. 1:1 ёки бошқа ҳисобдаги дуранг «Ливерпуль»ни кейинги босқичга олиб чиқишини ҳисобга олсак, "Бавария" ўта эҳтиёткор ўйнашига тўғри келади. Меҳмонда урилган голнинг қадри баландроқ эканлиги сабаб «Бавария» концентрацияни бир лаҳзага ҳам йўқотмаслиги шарт! Бу эса «Ливерпуль»дан ортиқча босимни олиб ташлайди. Агар «қизиллар» эркин ўйнашса, ҳеч қайси жамоага осон бўлмаслиги аниқ!
«Бавария» ўз стадионидаги ғалабага ишонаётган бўлса, «Ливерпуль» тўлиқ таркиб билан кўрсатадиган даҳшатли ўйинларига ишониб илк учрашувдан тўлиқ воз кечди. Бу жуфтилик ўртасидаги иккинчи учрашув ақлбовар қилмас даражада шиддатли ўтиши аниқ. «Энфилд»даги ўйин тўфон олдидан сокинланиб турган уммонни эслатган бўлса, жавоб ўйини голларга бой, юқори темпда ўтиши аниқ. Икки клуб ҳам жавоб ўйини олдидан ўз «кўзир»ларидан фойдаланмаганини ҳисобга олсак, бизни «Альянц Арена»да 90 дақиқа 100% курашларга бой, чиройли матч кутмоқда!
![]() | 05.10.2025 19:24 Ўқилди 5895 "Brentford" - "Manchester Siti". Tarkiblar malum |
![]() | 04.10.2025 21:24 Ўқилди 4103 Kamoliddin Tojiev: "Chiroyli o'yin bo'ldi, g'alaba uchun hammaga rahmat" |
![]() | 05.10.2025 20:40 Ўқилди 2759 "Qizilqum" - "Mashal" 1:0 (Matnli translaciya) |
![]() | 04.10.2025 19:16 Ўқилди 2593 Eshitdik-da! O'FA MTJ murabbiyi bilan shartnomani bekor qildi |
![]() | 04.10.2025 23:08 Ўқилди 2408 Vadim Abramov: "Kannavaro "Oltin to'p" olganini bilaman. U zo'r futbolchi bo'lgan. Afsuski, bizda o'ynamaydi, balki murabbiylik qiladi" |
![]() | 07.10.2025 02:00 Ўқилди 2225 "Inter" ketma-ket 5 ta penalti qaytargan darvozabonni sotib olmoqchi |
![]() | 05.10.2025 21:24 Ўқилди 2050 La Liga. "Barselona" mehmonda "Sevilya"dan to'rtta gol qabul qilib oldi va mag'lubiyatga uchradi |
![]() | 04.10.2025 22:40 Ўқилди 2002 Vadim Abramov: "Birinchi taymda masalani hal qildik" |
![]() | 04.10.2025 22:16 Ўқилди 1893 APL. "Arsenal" va MYU o'z uyida ishonchli g'alabaga erishdi |
![]() | 13.10.2025 18:24 Ўқилди 1843 O'zbekiston U-14 terma jamoasi bu safar Qozog'istondan engildi |