АҚШ миллий лигаси жорий турида бор йўғи учта учрашув ўтказилди ва унда бирорта кутилмаган натижа кузатилмади.
Аутсайдер яна енгилди
Турнир жадвалида сўнгги поғонани эгаллаб турган "Цинциннати" ўз уйида етакчи ўринларда бораётган "Атланта"га 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ўйин тақдирини "Атланта" тўпурари Хосеф Мартинес томонидан киритилган голлар ҳал қилиб берди. Мезбонлар ўтган турда "Монреаль"ни мағлубиятга учратиб, муҳлисларига қувонч баҳш этишганди.
Нурсиз дуранг
"Сиетл Саундерс" ва "Даллас" ўртасидаги баҳсда ҳисоб очилмади. Иккала жамоага ҳам 3 очко сув ва ҳаводек зарур бўлган ўйинда муроса кўчаси танланди. Ҳар икки томон ҳам гол уриш учун бир қатор имкониятларга эга бўлишди. Бироқ, вазиятлардан самара чиқаришда футболчиларга аниқлик етишмади. Хуллас, жамоалар муҳим очколарни йўқотишди.
Ниҳоят "буқалар" ҳам ғалаба қозонишди
Нью-Йорк шаҳри жамоаси қаторасига учта ўйинда мағлубият аламини тотиб кўрди. Бу сафар, улар муҳлисларини хушнуд этишди. Меҳмонда, "Портленд Тимберс"ни ишончли ҳисоб билан мағлуб этишди - 0:2. Ўйин бошида, Дункан ва асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда Ройернинг пенальтидан киритган тўплари 3 очкони таьминлади.